“2024 йилда бўлиб ўтган сайловлар жараёнининг Хоразм вилояти бўйича таҳлиллари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад 2024 йилда бўлиб ўтган сайловлар жараёнини таҳлил қилиш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар ҳамда муаммоларни аниқлаш, келгуси сайловларда уларга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш, шунингдек миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Вилоят, туман ва шаҳарларда ташкил этилган студияларда Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раислари, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари, ҳокимликларнинг ташкилий-кадрлар гуруҳининг раҳбарлари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари котибияти, сиёсий партияларнинг ҳудудий кенгашларидан вакиллар, республика, ҳудудий тренерлар, сайлов жараёнларини бошқариш автомат тизими, рақамли технологиялар вазирлиги ҳудудий бошқармаси мутахассислари ва сайлов жараёнида иштирок этган эксперт ва мутахассислар иштирок этишди.
Давра суҳбатида иштирокчиларининг сайлов округлари, сайлов участкалари ва сайлов комиссияларини тузиш, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши, депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакилларини ҳамда кузатувчиларни рўйхатга олиш, сайловда овоз беришга тайёргарлик ва натижаларини аниқлаш каби бир қатор йўналишларда таклифлари тингланди.
- Ўтган сайловда “Е-сайлов” ахборот тизими жуда катта ёрдам берди, - дейди Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зафар Каримов. – Бугун шундан келиб чиқиб, вилоят, туман ва шаҳар студияларидан қатнашаётган иштирокчиларимиз сайлов комиссиялари фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, электрон овоз беришни такомиллаштириш, сайлов иштирокчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, сайлов комиссиялари фаолиятининг моддий-техник таъминотини яхшилаш каби масалаларида марказий сайлов комиссиясига ўз таклифларимизни бердик.
Давра суҳбати иштирокчилари сайлов жараёнларини такомиллаштиришга оид яна бошқа масалалар бўйича ҳам таклиф ва мулоҳазалар билдиришди.
Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси