Асосий мақсад – сайловни юқори савияда ўтказиш

07.10.2024

147

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

 

– Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига биноан тузилган 21 нафар аъзодан иборат Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси 11 августдан бошлаб календарь режасига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зафар Каримов. – Сайловни миллий қонунчилигимиз доирасида очиқ, ошкора ташкил этиш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг биринчи ташкилий мажлисида комиссия иш режаси, иш тартиби, вазифалар тақсимоти, номенклатура, комиссия аъзоларини ҳудудларга бириктириш ва навбатчилик бўйича қарорлар қабул қилинди.  

 

 

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига тегишли мандат берилди ва матбуот маркази ҳам ташкил этилди. Режага асосан туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиниб, “E-SAYLOV” тизими орқали ҳудудий сайлов комиссиясига тавсия этилган турли соҳа вакилларидан иборат 241 нафар номзодлар тасдиқланди. Шунингдек, Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 40 та округ сайлов комиссиялари аъзолигига 376 нафар, 553 та участка сайлов комиссияларига 5 минг 653 нафар аъзоларни тасдиқлаш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди.    

 

“Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида бўлиб ўтиши белгиланган сайловни юқори савияда ўтказиш туман, шаҳар сайлов комиссиялари, сайлов округлари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларига ҳам боғлиқ.  

 

 

– Сайлов кодексида сайловларни очиқ, шаффоф ташкил этишнинг демократик тамойилларга асосланган тартиби белгилаб берилган, – дейди ҳудудий сайлов комиссияси масъул котиби Шоҳимардон Матюсупов – Сайлов комиссияларига турли соҳаларда меҳнат қилаётган, эл обрўсини қозонган фуқаролар жалб этилган. Албатта, уларни миллий сайлов қонунчилиги, сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш тартиблари ва сайлов жараёнларини бошқаришнинг автоматлашган тизими билан таништириш учун 80 нафар малакали ҳудудий тренер томонидан туман, шаҳар сайлов комиссиялари ва округ сайлов комиссияларининг раиси, ўринбосари, котиблари ва аъзолари  учун ўқув машғулотлари ташкил этилди.  

 

Вилоятда ҳудудий, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари фаолият олиб бориши учун сайлов комиссияларининг биноларини сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ жиҳозлаб, уларнинг самарали фаолият юритишлари ва сайловчиларнинг ўз фуқаролик бурчини эмин-эркин амалга оширишлари учун қулай имконият яратилди.    

 

Дастлабки маълумотларга кўра, бу йилги сайловларда Хоразм вилоятидан 1 миллион 460 мингдан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг ўзлари танлаган номзодни ёқлаб овоз бериши ва сайловни юқори даражада ўтказиш учун барча шароит яратилади. Бунинг баробарида фуқароларнинг мурожаатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

 

 

– Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга, – дейди ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бекзод Машарипов. – Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Барча сайлов участкаларида фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъий назар, тенг сайлов ҳуқуқидан фойдаланиши таъминланади.  

Бу йилги сайловда рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, сайловчиларга, сайлов ташкилотчиларига қулайлик яратиш, халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайловда иштирокини рақамли технологиялар кўмагида ташкил этиш мақсадида “E-SAYLOV” ахборот тизими ишга туширилди. Ушбу ахборот тизими сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятини янада кенгайтиради.  

 

– Сайлов жараёнларига ҳам рақамли технологияларни жорий этилаётгани аҳолига қулайликлар яратади, – дейди  ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Норбоев. – Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. Ушбу рўйхат асосида сайлов округлари ва участкалари тузилди. Ана шу сайлов участкаларига сайловчиларни бириктириш, сайлов қонунчилиги асосида сайлов участкаларини ташкил этиш, уларнинг чегараларини аниқ белгилаш ва сайловчиларнинг рўйхатини шакллантиришда қулайлик яратилди.  

 

Яқинда Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинди ҳамда сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига рухсат берилди.  

 

 

– Маълумки, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизими асосида ўтказилади, – дейди ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси Бахтиёр Исмоилов. – Бу йил парламентнинг қўйи палатасига сайланадиган бир юз эллик депутатнинг етмиш беш нафари бир мандатлик сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита аниқ бир номзодларга берган овозларига мувофиқ сайланади. Қолган, етмиш беш нафари эса, ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланади.  

 

Сайловни кузатиш мақсадида юртимизга келган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар Хоразмда сайловга ҳозирлик жараёнлари билан танишмоқда. Куни кеча Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг узоқ муддатли  халқаро кузатувчилари Волдемар Уруба (Чехия)  ва  Кристина Богданова (Россия) Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссиясида бўлди.    

 

Ҳудудий сайлов комиссияси ҳузурида матбуот маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, малакали журналист ва соҳа мутахассислари жалб этилган. Ушбу марказда халқаро ва маҳаллий ОАВлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий sayti-www.xorazm.saylov.uz ва    телеграм мессенжерида Хоразм сайлов2024 – расмий канали фаолияти йўлга қўйилган. Ҳудудий сайлов комиссиясига электрон мурожаат жўнатиш ҳам мумкин.  

 

Шунингдек, ҳудудий сайлов комиссиясида вилоят аҳолисининг сайлов жараёнлари доирасидаги мурожаатларини қабул қилиш ва уни қонунчилик асосида ўрганиш мақсадида Ишонч телефонлари ҳам ишга туширилган.  

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур