Хоразм вилоятида муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар олдидан амалий ўқув-семинарлар ташкил этилди

12.08.2026

9

msk_yangiliklari_in

2026 йил 3 август куни Халқ депутатлари Янгибозор тумани Кенгашининг 3-Огаҳий ҳамда Ҳазорасп тумани Кенгашининг 5-Беруний сайлов округларида бўшаб қолган депутатлик ўринларига 2026 йил 16 август куни бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида амалий ўқув-семинарлар ташкил этилди.

 

Мазкур семинарларда туман сайлов комиссиялари ҳамда участка сайлов комиссиялари аъзолари иштирок этди. Ўқув-семинарларда Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари Эшметов Темур Ҳамиджанович, Атажанова Феруза Эркиновна, ҳудудий сайлов комиссияси котиби Д. Халилов ҳамда комиссия аъзоси Г. Сатлоқова томонидан сайлов қонунчилиги талабларини амалиётда тўғри қўллаш, сайлов участкалари фаолиятини самарали ташкил этиш, сайлов ҳужжатларини юритиш тартиби, овоз бериш жараёнини қонунчиликда белгиланган талаблар асосида ўтказиш, шунингдек, сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди ҳамда амалий тавсиялар билдирилди.

 

Семинарнинг амалий қисмида сайлов кунини ташкил этиш жараёни кўргазмали тарзда намойиш этилди. Унда сайлов участкасини жиҳозлаш, сайловчиларни кутиб олиш ва рўйхат асосида қабул қилиш, сайлов бюллетенларини бериш тартиби, яширин овоз беришни таъминлаш, кўчма сайлов қутисидан фойдаланиш, шунингдек, овоз бериш якунлангандан сўнг сайлов ҳужжатларини расмийлаштириш босқичлари амалий мисоллар асосида кўрсатиб берилди.

 

Шунингдек, семинарлар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди, сайлов жараёнида учраши мумкин бўлган турли амалий вазиятлар муҳокама қилиниб, уларни сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.

 

Таъкидланганидек, сайловларни очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик тамойиллари асосида юқори савияда ташкил этиш фуқароларнинг эркин хоҳиш-иродасини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларнинг сайлов ҳуқуқларини ишончли кафолатлаш ҳамда сайлов жараёнига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур