Сайлов олдидан амалий ўқув семинари ташкил этилди

12.08.2026

870

msk_yangiliklari_in

2026 йил 3 август куни Халқ депутатлари Янгибозор тумани Кенгашининг 3-Огаҳий сайлов округида бўшаб қолган депутатлик ўрнига 2026 йил 16 август куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш доирасида туман сайлов комиссияси ҳамда участка сайлов комиссиялари аъзолари учун амалий ўқув-семинар ташкил этилди.

 

Семинарда Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари Эшметов Темур Ҳамиджанович ва Атажанова Феруза Эркиновна иштирок этиб, сайлов қонунчилиги талабларини амалиётда тўғри қўллаш, сайлов участкалари фаолиятини самарали ташкил этиш, сайлов ҳужжатларини юритиш тартиби, овоз бериш жараёнини қонунчиликда белгиланган талаблар асосида ўтказиш, шунингдек, сайлов комиссияси аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар бердилар ҳамда амалий тавсиялар билан ўртоқлашдилар.

 

Семинар давомида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди, сайлов жараёнида учраши мумкин бўлган амалий ҳолатлар муҳокама қилиниб, уларни қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди.

 

Семинарнинг амалий қисмида эса сайлов кунини ташкил этиш жараёни кўргазмали тарзда намойиш этилди. Унда сайлов участкасини тайёрлаш, сайловчиларни рўйхат асосида қабул қилиш, сайлов бюллетенларини бериш тартиби, яширин овоз беришни таъминлаш, кўчма сайлов қутисидан фойдаланиш ҳамда овоз бериш якунлангандан сўнг сайлов ҳужжатларини расмийлаштириш босқичлари амалий мисоллар асосида кўрсатиб берилди.

 

Таъкидланганидек, сайловларни очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик тамойиллари асосида юқори савияда ташкил этиш фуқароларнинг эркин хоҳиш-иродасини таъминлаш, уларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда сайлов жараёнига бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.