Хоразм вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зафар Каримов бошқарган йиғилишда Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда ҳарбий қисмлар командирлари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари раҳбарлари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар кўриб чиқилиб, тасдиқлаш учун ҳудудий сайлов комиссиясига “Е-сайлов” тизими орқали тавсия этилгани маълум қилинди.
Вилоят бўйича мавжуд 553 участка сайлов комиссиясига 5 минг 641 нафар киши жалб этилмоқда. Уларнинг 3 минг 73 нафари, яъни 54 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Комиссия аъзоларининг 5 минг 313 нафари аввал сайловда қатнашган тажрибали кишилардир. Комиссия аъзоларининг 60 фоизи халқ таълими тизими ходимлари, 18 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, 32 фоизи нодавлат, нотижорат, жамоат ташкилотлари ва бошқа соҳа вакилларидан иборат.
Мажлисда муҳокамалардан сўнг участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди ва бу ҳақдаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.