Шовот туманида амалий ўқув семинарлари ташкил этилди

08.10.2025

22

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг тегишли моддаларига асосан, Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, жорий йилнинг 6 октабр куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашига бўшаган депутатлик ўринга сайлов ўтказилиши белгиланди.

 

Сайловларни юқори савияда ўтказиш мақсадида, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш учун Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси, вилоят ҳокимлиги, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда амалий ўқув семинарлари ташкил этилди.

 

Семинарда сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Машарипов, туман сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича сайлов қонунчилигида белгиланган асосий қоидалар, шунингдек, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил этишда муҳим ўрин тутадиган вазифалар ва зарур шароитларни яратиш ҳақида сўзлаб берди.

Семинарларда, шунингдек, участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш, овоз бериш жараёнига тайёргарлик кўриш, овоз бериш хоналарини тўлиқ жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилиш, сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизимидан (СЖБАТ) фойдаланиш каби муҳим масалалар бўйича тақдимотлар ўтказилди. Бу жараёнда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР)дан фойдаланиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ва шу каби долзарб масалалар тўғрисида батафсил маърузалар тақдим этилди.

 

Семинарнинг назарий қисмида тақдим этилган билимлар амалий машғулотлар давомида янада мустаҳкамлашга эришилди. Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича тўлиқ жавоблар олишди.

 

Хоразм вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур